Менинг исмим Муҳаббат. Мен Тошкентданман. Тошкентда рўҳатдан ўтмасдан яшаб бўлмайди. Бизларникида Ўзбекистонга қандайдир юмушлар билан келган Сабина турар эди, у бир хонани эгаллаб яшарди. Онам уни бизнинг уйга муваққат рўйхатдан ўтказган эдилар. Бир неча вақт ўтгач, контракт муддати тугади ва мен унга хонани бўшатиб, ойимнинг уйдан пропискадан чиқишни илтимос қилдим, лекин у мендан пропискадан учирмаслигимни ялиниб-ёлворди. Шунинг эвазига менга Россиядан яхши иш топишга ваъда берди. Мен пулга муҳтож эдим ва ҳақиқатан ҳам Сабина мени ўзиникига Санкт-Петербургга таклиф қилишни ва мен ишда бўлганимда уғлим Санжарга қараб тураман деб, ваъда берди. Ўғилчам атиги беш ёшга тўлган эди.

Олий маълумотим йўқ, мени қўллаб-қувватлайдиган эрим ҳам йўқ, камбағал яшаймиз. Мен ҳар қандай меҳнатдан қўрқмай, доим ишга тайёр эдим, лекин маълумотингиз бўлмаса яхши иш топиш қийин. Бир амаллаб кун ўтказар эдик.

Ўғлим билан Санкт-Петербурга келганимдан сўнг, Сабина бировларникида ижарада яшаётганини билдим. Шу квартирада Сабина, унинг эридан бошқа яна уч эр-хотин истиқомат қилаётган экан. Унинг устига устак - эри гиёҳванд экан. Мен норози бўлдим - бундай шароитда бола билан яшаш мумкин эмас, ва Сабинадан ўз сўзини устидан чиқишни талаб қилдим. У менга бу вақтинчалик қийинчилик деди. Шундай қилиб бир ҳафтага яқин яшадик, мен ваъда қилинган ишни кутдим. Озиқ-овқат тугади, ва Сабина менга: «Емоқчи бўлсанг - айтган ишимни қиласан», - деди.

Мен йиғладим, ялиндим, заводга, конвейерга, фаррошликка жойлашини сўрадим - ҳаммаси бекор бўлди.... Боламни боқишим керак эди.... Рози бўлдим... Бу ўша, ҳар бир аёл унутмоқчи бўлган, бироқ унутолмас иш эди... Бизни мол сингари сотиб юборишди. Сабина эса ёлловчи экан.

Эрталаб мени олиб кетиш учун катта қора жип келди. Бу энг даҳшатли, жирканч лаҳза эди, мен ўзимнинг қалбимда бир нарсани йўқоткандай бўлдим, одамларга бўлган ишонч сўнди....

 


 

Йўл, квартирада яшаш, Сабинанинг «хизматлари» билан боғлиқ харажатларни қарз сифатида дарҳол менинг бўйнимга осиб қўйдилар. Улар менга пул ишлаб, қарзаримни узгунимча болангни, ўзингни боқиб турамиз деб, улкан бир «илтифот» кўрсатгандай бўлдилар. Сен ўз хоҳишинг билан келгансан, бошингни ишлат, ўзинг айбдорсан, агар бир ҳафта тескарилашмай, ишга чиққанингда аллақачон ўзингнинг ҳамёнинга ишлар эдинг деб, ўқтиришди.

Санжарни ойда бир марта кўрар эдим ва IMO (видеоалоқали мессенджер) 1-2 дақиқа сўзлашар эдим. Ўғлим турган жойда болалар кўп экан, уларни ёқалаштириб, видеога тушурар экан, катталар уларнинг олдида ичиб-чекиб, жинсий алоқалар билан шуғулланар эканлар, оналаринг фоҳиша деб, кулар экан. Бечора ўғлим...

Кунлардан бирида ишламадик - полиция рейди бўлади деган хабар келди. Фурсатдан фойдаланиб, маъмур аёлдан паспортимни сўраб ялиндим, у эса кўрқиб турган бўлса ҳам менга хужжатимни қайтариб берди. Мен пичоқ олдим ва ўғлимга кетдим. У ерда қаттиқ ёкалаш бўлди, улар менга таҳдид қилишди, оёқларим куйди, лекин катта шовқин-сурондан қўрқиб, боламни беришди.

Мен Тошкентга телефон қилдим, «Исикболли авлод» ННТ телефонини интернетдан топиб қўйган эдим, одам савдоси билан курашадиган бўлимга ҳам телефон қилдим. Бизларга уйга қайтиб келишимизга ёрдам беришди.

Келганимда сўнг мен ва ўғлим билан психолог ишлади. Олдинига онам мени қандай қабул қилади, ўғлим бошидан кечирганларии қандай ҳазм қилади, қўшнилар нима дейди, деб, ҳаётдан тўйиб, яшашни ҳам хоҳламадим. Айниқса ўғлимдан қўрқдим, руҳий аҳволи нима бўлади, устидан кулишмайдими, бутун умр юрагида ҳадиксираш қолмайдими деган саволлар қийнади.

Ҳозир у оддий етти яшар қувнок бола, тенгдошлари билан футбол ўйнайди, велосипедда учади, мактабга боради. Петербургда бошидан кечирган барча даҳшатларни унутади деган умидим бор.

Мен эса ҳозир ҳам катта қора машинани кўрсам юрагим шув этиб, сиқилади... Бундай нарсаларни бошидан кечиришни бошқаларга Худо кўрсатмасин....