1 июндан тиббиёт ходимларининг иш ҳақи ошади

Источник: пресс-секретарь президента Узбекистана/Telegram

18 март куни Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда. Унда шифокорларга қуйидаги имтиёзлар берилиши маълум қилинди. 1 июндан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб яна 15 фоизгача оширилади, юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев шифокорлар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради президент матбуот котиби.

«Бундан ташқари, Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш жамғармасига йилига 1,5 триллион сўм ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан: алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар ҳам белгиланади; янги иш бошлаган фидоий ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади».

Бундан ташқари, ўзбекистонликлар хусусий клиникаларга имтиёзли асосда мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

«Очиқ айтиш керак, кўплаб хусусий клиникалардаги шароит, кўрсатилаётган хизматлар сифати давлат шифохоналаридан анча олдинга ўтиб кетган. Бундан, фақат хурсанд бўлишимиз керак».

Учрашувда минглаб ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларимиз давлат шифохоналарида бепул ихтисослашган тиббий хизмат олиш учун навбат кутаётгани қайд этилди.

«Бундан буён, аҳоли имтиёзли йўлланма билан нафақат давлат шифохоналарига, балки ўзи танлаган хусусий клиникаларга ҳам бемалол бориши мумкин бўлади. Даволаниш учун ажратилган маблағ эса беморнинг ортидан боради. Такрор айтаман – биз учун тиббиёт масканининг мулк шакли муҳим эмас. Энг асосий мақсадимиз – одамларимизнинг соғлиғини асраш, уларнинг дардига дармон бўлишдан иборат», –деди президент.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.