1 мартдан бошлаб юридик шахсларнинг ҳаммасига цемент экспорт қилишга рухсат берилди

Источник: Haneen Krimly/unsplash.com

1 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча юридик шахсларига маҳаллий ишлаб чиқарилган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойналарини тўғридан-тўғри шартномалар асосида ва чекловларсиз экспорт қилишга рухсат берилди. Бу Президентнинг «Уй-жой қурилиши ва қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган, деб ёзади «Фергана» нашри.

2024 йил 1 январга қадар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини барча мамлакатларга, шу жумладан, чегарадош давлатларга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача миқдорини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.

Республиканинг саккизта вилоятида: Андижон (Булоқбоши тумани), Бухоро (Қораулбозор), Жиззах (Фориш), Наманган (Чуст), Самарқанд (Пахтачи), Сурхондарё (Сариосиё), Тошкент (Оҳангарон) ва Фарғона (Ўзбекистон)да хом ашёни қазиб олиш, қайта ишлаш ва лаборатория синовидан тайёр қурилиш ва қоплама материаллари ишлаб чиқаришгача бўлган қиймат занжирини яратувчи қурилиш материаллари кластерлари ташкил этилади.

Республиканинг 16 туман ва шаҳрида бошқа ҳудудлар билан саноат кооперацияси асосида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Жорий йилда мазкур ҳудудларда геология ишларига 100 миллиард сўм (9,2 миллион доллар), янги ташкил этилган кластерлар инфратузилмаси учун 200 миллиард сўм (18 миллион доллардан ортиқ) маблағ йўналтирилади.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва объэктларни лойиҳалашдан тортиб, тайёр кўп қаватли турар-жой биноларини фойдаланишга топширишгача бўлган қўшилган қиймат занжирини яратиб, камида биттадан уй-жой қурилиши кластерини шакллантириш режалаштирилган.

Бундай кластерлар аллақачон айрим ҳудудларда фаолият юритмоқда. Масалан, Тошкент ва Навоий вилоятларида қурилиш конструкцияларининг 80 фоизини ишлаб чиқарадиган ва пудрат ишларини ўзлари бажарадиган кластерлар мавжуд. Натижада 1 квадрат метр уй-жой нархи 3,5 миллион сўм (324 доллар) бўлиб, бошқа қурилиш компанияларига қараганда 20 фоизга арзон.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.