12 ёшли қўшнисига жинсий зўравонлик қилишга уринган 52 ёшли шахс 15 йилга қамалди
Жабрланувчи қизнинг онаси шу йилнинг июл ойида фарзандларини айбланувчининг қизи бўлган қўшнисига қолдириб, опасининг тўйига кетганини айтган. Улар қайтиб келгач, қўшнисининг неваралари билан ўйнаб, диванда ухлаб қолган пайтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилган 52 ёшли эркак уйида бўлган 12 ёшли қизни зўрлашга уринаётганлигини кўришади.
“Айбланувчи ўз айбини тан олмай, ухлаб ётган қизнинг қўлидан телевизор пултини олмоқчи бўлганини ва аёллар унинг ҳаракатини нотўғри талқин қилганини айтган. Эркак ўша куни маст бўлганлиги қайд этилган. Бироқ терговда аниқ бўлишича, ўша пайтда телевизор пулти боладан тахминан уч метр узоқликда бўлган”, — деб ёзади Nemolchi.uz.
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти, Избоскан туман судининг 2023 йил 15 декабрдаги ҳукмига мувофиқ эркак Т. Э. вояга етмаган М. E.ga (2011 йилда туғилган) нисбатан Жиноят кодексининг 25,119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, эркак вояга етмаганларга нисбатан жинсий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар реэстрига киритилган ва унга болалар билан ишлаш тақиқланган. Бундан ташқари, у жазони қисқартириш ёки шартли равишда озод қилишни сўраб мурожаат қила олмайди.
Шарҳлар