2017 йилда Нью-Йоркда теракт содир этган Сайфулло Соипов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
2017 йилда Нью-Йоркда саккиз кишининг ўлимига сабабчи бўлган терактни амалга оширган келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соипов АҚШда озодликдан шартли маҳрум қилиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда BBC рус хизмати ёзади.
Прокуратура айбдор деб топилган Соиповга ўлим жазосини беришни сўраган, бироқ у судьянинг қарори бир овоздан қабул қилинган тақдирдагина қўлланилиши мумкин.
Маҳкум 2010 йилда АҚШга кўчиб келган. 2017 йилнинг 31 октябрь куни у кичик юк машинасини ижарага олиб, велосипед йўлига олиб чиққан. Ҳалок бўлган саккиз киши орасида Аргентинадан келган беш кишидан иборат дўстлар гуруҳи ҳам бўлган, яна 12 киши эса яраланган. Соиповни полиция ходимлари қорнига ўқ отиб тўхтатган.
Соипов «Исломий давлат» жиҳодчи гуруҳи номидан иш олиб борганини ва унинг «аскарларидан бири» эканини билдирган.
У январь ойида бир нечта қотиллик ва терроризмда айбланиб, судланган эди. Прокуратура Соиповга ўлим жазоси берилишини талаб қилган.
Унинг суди Жо Байден президентлиги даврида прокурорлар маҳкумга ўлим жазосини беришни талаб қилган биринчи федерал суд жараёнига айланди.
Байденнинг ўзи ўлим жазосига қарши, 2021 йил июль ойида эса АҚШ Бош прокурори Меррик Гарланд федерал ишлар бўйича ўлим жазосига мораторий эълон қилди.
Прокурорларнинг ўлим жазосини талаб қилаётган факти адлия вазирлиги ўлим жазосини қабул қилишга тайёрлигидан, аммо уни фақат терроризм ҳолатларида қабул қилиши мумкинлигидан далолат беради.
Ҳакамлар суди Соиповни айбдор деб топди, бироқ уни ўлим жазосига ҳукм қилиш учун Нью-Йорк қонунчилигига кўра, 12 судьянинг ҳаммаси бир овоздан қарор қабул қилиши керак, аммо бунга эришилмаган.
Сайфулло Соипов қолган кунларини Колорадодаги қатттиқ режимли ADX Florence федерал қамоқхонасида ўтказади. Бу қамоқхонада 2013 йил апрелида Бостон марафонининг марра чизиғида портлашларни уюштирганликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган Жохар Царнаев ҳам сақланади.
Шарҳлар