2021 йилнинг 11 ойи давомида қишлоқ хўжалик ерларини талон-тарож қилиш билан боғлиқ 437 та жиноят аниқланган
Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг соҳага оид қонунчилик ижроси ва ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Бу ҳақда Сенатнинг матбуот хизмати хабар беради.
Маълумотларга кўра, Агентлик фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Хусусан, очиқ маълумотларни расмий веб-сайтга жойлаштириш бўйича “kadastr.uz” веб-сайтининг янги дизайни ишлаб чиқилган ва тўлиқ ишга туширилган. Янги сайтда интерактив хизматлар сони кўпайтирилган.
Бироқ таҳлил Агентлик фаолиятида очиқликни таъминлаш, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни Очиқ маълумотлар портали ва ўз расмий веб-сайтида жойлаштириб бориш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.
Масалан, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар, харажатлар сметаси ва унинг ижроси, хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, лицензия ва рухсат этиш учун масъуллар тўғрисида маълумот, хизмат уйлари ҳамда бошқа зарур маълумотларни жамоатчиликка эълон қилмаслик ҳолатлари мавжуд.
2021 йил январь ойидан 1 декабргача республикада 10 042 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини талон-торож қилиш билан боғлиқ 437 та жиноят содир қилинганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи қатъий ҳал қилинган. Шунингдек, 233 та ҳолатда мансабдор шахслар ва бошқа ер эгалари 5904 гектар ер майдонини фирибгарлик йўли билан 75,5 млн АҚШ долларига сотаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган. Ёки 76 та ҳолатда 3110 гектар ердан ноқонуний фойдаланилганлик оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига қарийб 1409 млрд сўмлик зарар етказилганлиги фош этилган.
Шарҳлар