2022 йилда 2000 дан ортиқ мансабдор шахс талон-тарож учун жавобгарликка тортилгани маълум бўлди
2022 йил давомида Ўзбекистонда 2.103 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда республика Бош прокуратураси маълум қилади.
Жами 2.965 та жиноят иши бўйича 3.116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 110 нафари республика, 264 нафари вилоят ва 2742 нафари вазирлик, идора ва ташкилотларнинг туман ёки шаҳар бошқармалари ходимларидир.
Улар томонидан содир этилган жиноятлар орасида ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон – торож қилишдан ташқари, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш (265 киши), фирибгарлик (243 киши), порахўрлик (169 киши), мансаб сохтакорлиги (51), мансабга совуққонлик билан қараш (22 киши), мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (14 киши) ва бошқа жиноятлар (249 киши) ҳам бор.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн. 12 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 847 млрд. сўми ундирилган.
2021 йилда 2345 та жиноий иш бўйича 2804 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилганди. Улар томонидан етказилган зарар 913,7 миллиард сўмни ташкил этган эди.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш 2016 йилда эълон қилинган, орадан уч йил ўтиб коррупцияга қарши курашиш дастури тасдиқланди. 2020 йил июнь ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Шарҳлар