2022 йилда “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида камчиликлар ва қарийб 46 млрд сўмлик камомад аниқланди

Акмаль Муродов. Фото: АИМК

АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ахборот хизматининг раҳбари Акмал Муродов 2022 йилда тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Ҳисобот даврида Жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари инспекторлари томонидан 393 та мониторинг ва назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, улар давомида 45,7 миллиард сўмлик хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

2022 йил мобайнида Жамият ҳамда унинг тизим ташкилотларида жами 68 та манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланиб, улардан 44 таси бартараф этилган, қолганлари жойлардаги “Одоб ахлоқ” комиссияларига кўриб чиқиш учун юборилган.

Шунингдек, Жамиятнинг алоқа каналлари орқали ходимларнинг коррупциявий хатти-ҳаракатлари, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа коррупциявий қонунбузарликлар билан боғлиқ масалалар тўғрисида жами 893 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси қонун доирасида ҳал этилган.

25,4 миллиард сўмлик камомад, ўзлаштириш ва талон-тарож ҳолатлари бўйича жами 117 та ҳужжат қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.