2022 йилдан бошлаб солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаган тадбиркорлар санкцияларга тортилмайди

Ўзбекистон президенти имзолаган фармонга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланмайди. Шу муддатдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун қўлланадиган молиявий санкциялар бекор қилинади.

Давлат солиқ қўмитасининг 2022 йил январь – июль ойларида эксперимент тариқасида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботларининг солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилиши ва шакллантириб берилиши жорий этилади.

Тажриба доирасида:

а) солиқ органлари:

юридик шахслардан олинадиган ер солиғини – Кадастр агентлиги органлари маълумотлари асосида;

қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни – электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса техникаси маълумотлари ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқаради ва солиқ ҳисоботини шакллантиради;

б) солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчилар учун белгиланган тегишли солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан камида 10 кун олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади;

в) солиқ тўловчи солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботини олган кундан бошлаб 5 кун ичида уни тасдиқлайди ёки, агар эътирозлари мавжуд бўлса, уни рад этган ҳолда, солиқ ҳисоботини қайта ишлайди ва ўрнатилган тартибда солиқ органларига тақдим этади.

Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар
билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаш учун зарур бўлган солиқ солиш объекти ёки солиқ солиш билан боғлиқ бошқа объектларни электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттириш имкониятларини яратади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.