2023-2027 йилларда Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича бош режа тасдиқланди

Источник: unsplash.com

Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгаши “Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича бош режасини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда “Норма” нашри ёзади.

Ҳужжат билан 2023-2027 йилларда Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича Бош режа тасдиқланди, унга кўра ҳар йили:

  • 7 млн га яқин мавсумий гуллар;
  • 75 мингдан кам бўлмаган миқдорда дарахт кўчатлари ва буталар экилиши назарда тутилмоқда.

Бош режада йил якунига қадар ёғингарчилик мавсумларида шаҳар ҳудудларида сув тўпланиши ва сув тошиши мумкин бўлган манзиллар рўйхатини аниқ шакллантириш ва бартараф қилиш чораларини кўриш назарда тутилмоқда.

Қарор билан қуйидаги вазифалар белгиланмоқда.

  • 2024 йилга қадар пойтахтни яшиллик даражасини 30%га етказиш;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва туман ҳокимликларига атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага мансуб бўлган корхоналарининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларида самарадорлиги 95%дан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмаларни ўрнатилишини назорат қилишни юклатиш;
  • шаҳар ва туманлар марказлари кўчаларидаги ирригация тармоқларини хатловдан ўтказиб, тармоқларни жорий таъмирлаш ва янгилаш чораларини кўриш;
  • дарахтларни зараркунанда ҳашаротлардан сақлаб қолиш учун чет эллик мутахассисларни жалб этиш;
  • 2022-2024 йилларда шаҳардан  ўтадиган каналларнинг (62 км қисми) қирғоқ бўйларини ободонлаштириш, каналларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш, кўкаламзорлаштириш ва сайилгоҳлар ташкил этиш.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.