2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилганлар бу ташаббусни бир овоздан қўллаб-қувватлади, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Нима учун йилга бундай ном бераяпмиз? 

Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик.  

Аслида ҳам, бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмас-ми? 

Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз“, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.

Биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.

Хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.

Ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Марказлашув юқори. Оқибатда, бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда.

Вазирларнинг Ҳукумат қабул қилаётган қарорларда, таъбир жоиз бўлса, “овози йўқ”. Яъни, уларнинг ушбу қарорларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий қилишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмас.

Президент шунинг учун янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.