5 та ҳудудда электр энергиясига ўзбошимчалик билан ноқонуний уланишлар аниқланди

Фото: Department_uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан электр таъминоти корхоналари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда электр энергияси тармоқларига  ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари аниқланмоқда, деб хабар қилади Департамент матбуот хизмати.

Хусусан, Департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда, “T.-B.”, “T.A.” МЧЖ раҳбарлари ва “Ўртаовул” МФЙда яшовчи Ю.Б.лар маиший хизмат кўрсатиш биноларини электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, жами 476,6 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

 Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “K.g.” МЧЖ раҳбари ва бошқалар корхонага қарашли иссиқхонани электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 348,1 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган, – дейилади хабарда.

Департаментнинг Нарпай туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Н.б.” фермер хўжалиги раҳбари А.Т. ва бошқалар хўжалик трансформаторини ҳеч қандай ҳужжатсиз юқори кучланишли электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 212,9 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Урганч туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда, “Z.Q.” МЧЖ ва “J.N.” хусусий корхонаси раҳбарлари умумий овқатланиш ҳамда қурилиш объектини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ҳисоблагичдан ташқари ўзбошимчалик билан уланиб, 122,3 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Шу каби ҳолат, Департаментнинг Хонобод шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Н.О.” оилавий корхонаси раҳбари корхона биносини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ҳисоблагичдан ташқари ўзбошимчалик билан улаб, 120 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланган.

Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида, давлат ва жамият манфаатларига жами 618 млн сўм зарар етказилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.