«Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик» партиясининг етакчиси Андижонда калтакланди

Хидирназар Аллакулов. Фото: AmerikaOvozi / YouTube

“Ҳақиқат, тараққиёт, бирдамлик” демократик партиясини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлган Хидирназар Аллақулов ўз партияси учун имзо тўплашга Андижонга келганди. Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида Аллақулов милиция ходимларининг кўзи ўнгида калтакланган. Бу ҳақда «Нигоҳ» телеграм-канали хабар беради.

“Ички органлар ходимлари яқин жойда туриб, содир бўлаётган воқеаларга аралашмади, бу жуда шубҳали, чунки жамоат хавфсизлиги учун айнан улар жавоб беради”, – дея таъкидлайди канал.

“Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ вазият ўрганилмоқда. Натижалар асосида ҳуқуқий баҳо берилади”, — дейилади шаҳар ИИБ хабарида.

2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни икки марта кўриб чиқиб, “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган эди. Партия етакчиси Хидирназар Аллақулов (иқтисод фанлари доктори, профессор, 2002-2004 йилларда Термиз давлат университетининг собиқ ректори) 2021 йилги президент сайловларида ўз номзодини қўйиш истагини билдирганди.

Ўзбекистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари 9 июль куни бўлиб ўтади. Экологик партия ўз етакчиси Абдушукур Ҳамзаев номзодини, Халқ демократик партияси ўз етакчиси Улуғбек Иноятов номзодини, «Адолат» социал-демократик партияси Олий суд раисининг собиқ биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова номзодини ва ЎзЛиДеП – амалдаги президент Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурди. “Миллий тикланиш” партияси ЎзЛиДеП номзодини қўллаб-қувватлашга қарор қилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.