Аҳоли ва тадбиркорларга тикланадиган энергия манбаларини ўрнатганлик учун харажатлар қопланади

Источник: unsplash.com

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 июнь куни қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлат раҳбари ҳар бир ҳоким, вазир, барча даражадаги раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиб, ўз уйи, ишхонасида муқобил энергия ускунасини ўрнатиши зарурлигини билдирди.

Бу борада аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим белгиланди. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Ҳамма ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал этиб берилади. Бу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилади.

Давлатимиз раҳбари барча жараёнларни рақамлаштириб, ушбу янги тизимни 1 сентябрдан йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.

2023 йилдан савдо ва кўнгилочар мажмуалар, ресторан, меҳмонхона, ёқилғи қуйиш шохобчалари, аэропорт, вокзал, тижорат банклари каби кўплаб биноларда иссиқ сув таъминоти ва ташқи ёритишнинг бир қисмини муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаби киритилади.

Молия вазирлигига давлат идораларида энергия ресурслари истеъмоли бўйича меъёрларни белгилаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий объектларда Энергия тежамкорлик миллий дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

Давлат раҳбари улар бўйича хусусий шериклик лойиҳаларини бошлаш кераклигини таъкидлади. Бунда тадбиркорлар учун жозибадор тарифлар белгиланади ҳамда ер участкаси аукцион ғолибига узоқ муддатли ижарага берилади. Қуёш, шамол ва микроГЭСларнинг ортиқча электр энергияси камида 10 йил давомида давлат томонидан кафолатли харид қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.