АҚШ ва Ўзбекистон икки мамлакат мудофаа вазирликлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштирмоқчи

Источник: МИД Узбекистана

АҚШ ва Ўзбекистон икки мамлакат мудофаа вазирликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, чегара ва божхона органлари ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштиришни режалаштирмоқда. Бу хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига кўмаклашади. Бунинг муҳимлиги АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги Стратегик шериклик мулоқоти биринчи йиғилиши якунлари бўйича имзоланган қўшма баёнотда таъкидланган, деб ёзади “Фергана” нашри.

Ҳужжатда айтилишича, АҚШ Ўзбекистондаги иқтисодиётни эркинлаштиришга, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишни рағбатлантиришга ҳамда демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар дастурини олқишлайди. АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Дональд Лу АҚШ ушбу ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш борасидаги кўмаги ҳажмини оширганини қайд этди.

Делегациялар Ўзбекистоннинг жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши муҳимлиги ва уни қўллаб-қувватлашларини тасдиқлаб, АҚШ хусусий секторининг Ўзбекистондаги савдо ва инвестициялари ҳажмини ошириш имкониятлари борасида ўзаро фикр алмашдилар.

Томонлар одамлар орасидаги алоқаларни академик ва тадқиқотчилик алмашувлари орқали мустаҳкамлаш ҳамда инглиз тилида дастурлаш ва STEM моделларига (илм-ффан, технология, инженерия ва математика) ўқитиш учун имкониятларни тақдим этиш ниятида.

АҚШ Ўзбекистоннинг гендер зўравонлиги ва камситилишига қарши курашиш, аёлларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги вакилликларини ошириш ҳамда таълим тизимини модернизация қилиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Томонлар дин ва эътиқол эркинлигини, аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилишни илгари  суриш, одам савдосига қарши курашиш ҳамда мустақил ОАВ ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилишди.

Ўзбекистон ва АҚШ бевосита афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишини билдиришди. Вашингтон Ўзбекистоннинг Термизда БМТ шафелигида минтақавий логистика марказини ташкил қилиш бўйича ташаббусини олқишлади.

Долзарб масалалар бўйича ўзаро фикрлар алмашинуви ишчи эксперт гуруҳлар доирасида давом этади. Делегациялар 2022 йилга мўлжалланган асосий тадбирлар жадвалини муҳокама қилишди. Мулоқот доирасидаги кейинги учрашувни 2022 йил Вашингтонда ўтказиш режалаштирилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.