АҚШ ўзбек пахтасини болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ёрдамида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди

Источник: unsplash.com

АҚШ Меҳнат вазирлигининг Халқаро меҳнат масалалари бюроси ўзбек пахтасини болалар меҳнатидан ёки мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди. Бу ҳақда идора сайтида маълум қилинади, деб ёзади “Медиазона”.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг ушбу рўйхатдан чиқарилиши ўзбек пахтаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга қўйилган расмий чекловларни бекор қилади.

Мамлакат расмийларининг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон пахтачилик соҳасида мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди, дейилади Меҳнат вазирлигининг маърузасида.

АҚШ Меҳнат вазирининг ўринбосари Теа Ли маърузанинг онлайн тақдимотида Ўзбекистон ҳукумати тизимли мажбурий меҳнатга барҳам бергани, пахта терими бўйича  давлат назорати тизимини бекор қилгани, шунингдек, ишчиларни ёллашда мажбурлашни қўллаганлик учун жазо кучайтирилганини айтди.

10 март куни Cotton Campaign халқаро коалицияси ўн йилдан кўпроқ вақт давомида амал қилган ўзбек пахтасини сотиб олишга қўйилган бойкотни бекор қилди. Коалиция ўз қарорини ҳар йили пахта плантацияларида мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни ўрганувчи “Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми” ташкилотининг ҳисоботи асосида қабул қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ўтган йили фуқароларни йиғим-теримга мажбуран жалб этиш ҳолатлари тизимли равишда кузатилмаган. Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларининг тадқиқот маълумотларини Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг ҳисоботи тасдиқлайди, унга кўра, 2021 йилда пахтакорларнинг бир фоиздан камроғи Ўзбекистонда ҳуқуқлар бузилганидан шикоят қилган.

Бироқ, 2020 йилда Human Rights Watch ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон ҳукумати давлат хизматчиларини мунтазам равишда пахта теримига жалб қилганини ёзган эди. Тадқиқотчилар ҳукумат давлат хизматчиларини ишдан бўшатиш ва қўшимча тўловлардан маҳрум қилиш таҳдиди остида пахта саноатида ишлашга сафарбар қилганини аниқлади. Пахта далаларига қутқарувчиларни ҳам, ўт ўчирувчиларни ҳам, шифокорларни ҳам, ўқитувчиларни ҳам юборишган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.