АҚШ Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан “Толибон”га қарши курашишда ёрдам берган 9000 нафар афғон фуқаросини қабул қилишни сўради

Источник: BBC.com

АҚШ президентининг маъмурияти АҚШ билан ишлаган ва “Толибон” таъқибидан хавфсираётган 9000 га яқин афғон фуқаросини вақтинчалик қабул қилиш илтимоси билан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга мурожаат қилди, деб ёзади «Медиазона» нашри Bloomberg агентлигига таянган ҳолда.

Америка қўшинлари чиқарилганидан кейин бу фуқаролар таҳдид остида қолиши мумкин. Бунда афғон фуқаролари бўйича келишув Марказий Осиё мамлакатлари билан Афғонистонга нисбатан кейинги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича кенгроқ битимнинг бир қисмига айланиши мумкин. Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари ҳозир Вашингтонда бўлиб, АҚШга ушбу мамлакатлар ҳудудларидан разведка ва кузатув ишларини олиб бориш имконини берадиган келишувни муҳокама қилишмоқда.

«Улар бизни тезда ўтказишларига умид қиламиз, чунки хавфсизлик ҳақиқатдан ҳам ёмонлашмоқда, бу мамлакатлар эса Афғонистонга қараганда анча хавфсизроқ», — дейди Америка ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган лойиҳанинг афғонистонлик ходими Амин Рахимий.

Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш бошланганидан кейин “Толибон” жангарилари ўзларининг ҳудуддаги позицияларини кучайтиришди. Айни пайтда улар Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегарадош туманлар, ҳудудлар ва назорат-ўтказиш пунктларини босиб олмоқда. Ҳукумат қўшинлари чекинишга мажбур бўлиб, қўшни мамлакатлар ҳудудига ўтиб кетяпти. Чегарадаги вазият кескин сифатида баҳоланяпти. АҚШ ўз қўшинларини олиб чиқишни 2021 йил 11 сентябргача якунлашни режалаштирган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.