АҚШ Ўзбекистонни санкцияга тушган товарларни Россияга ўтказиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига киритди

Источник: unsplash.com

АҚШ Молия вазирлигининг икки бўлинмаси – Молиявий жиноятларга қарши курашиш тармоғи ҳамда Саноат ва хавфсизлик бюроси санкцияланган товарлар Россия ва Беларусга кириши мумкин бўлган давлатлар қаторига Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатларни киритди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар беради.

28 июнь куни ушбу бўлинмалар Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли ўрнатилган экспорт назоратидан қочишга бўлган уринишлар ҳақида молиявий институтларга қўшма огоҳлантириш берди. Расмий огоҳлантиришга Россияга рухсат этилмаган товарларни жўнатиш учун “ўтказиш пунктлари” рўйхати илова қилинган.

Ушбу рўйхатга қуйидаги давлатлар кирган: Арманистон, Бразилия, Хитой, Грузия, Ҳиндистон, Исроил, Қирғизистон, Қозоғистон, Мексика, Никарагуа, Сербия, Сингапур, Жанубий Африка, Тайван, Тожикистон, Туркия, БАА ва Ўзбекистон.

Шу билан бирга, товарлар “қонуний равишда ушбу ва бошқа юрисдикцияларга бошқа тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун хомашё сифатида экспорт қилиниши мумкин”.

“Алоҳида хавотир туғдирувчи” товарлар тоифасига ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган ускуналар киради: самолёт эҳтиёт қисмлари, гидроакустика тизимлари, антенналар, спектрофотометрлар, синов ускуналари, GPS тизимлари, вакуумли насослар ҳамда нефть конлари ускуналари.

АҚШ Молия вазирлиги экспорт назорати чоралари ва Россия ва Беларусга нисбатан санкцион чекловларни четлаб ўтишнинг янги схемалари ва усуллари пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Шу сабабли, Саноат ва хавфсизлик бюроси уларнинг пайдо бўлишини диққат билан кузатиб боради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.