Аббосбек Файзуллаев U23 Осиё Кубогининг энг қиммат футболчисига айланди
Қатарда Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этаётган футбол бўйича U23 Осиё кубоги бўлиб ўтмоқда. Кубок бу йил Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларининг футбол мусобақаларига йўлланма беради. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
U23 терма жамоамиз ҳали Олимпиада йўлланмасини қўлга кирита олгани йўқ. Лекин бу йилги Осиё Кубогида футболчиларимиз ушбу йўлланма учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади.
Ушбу Осиё кубогида Тимур Кападзе шогирдлари тарих яратиш ва иккинчи бор Осиё кубоги ғолиби бўлиш имкониятига эга. Ҳеч бир жамоа ҳозирча буни уддалай олмаган.
Жамоа таркибида бир қатор машҳур футболчилар ҳам бор. Айни дамда Иброҳимхалил Йўлдошев ва Аббосбек Файзуллаевнинг U23 Осиё кубогида иштирок этишига ойдинлик киритилди.
Transfermarkt нашрининг маълумотларига кўра, мусобақанинг энг қиммат футболчилари орасида Аббосбек Файзуллаевга тенг келадигани йўқ. Унинг ҳозирги трансфер қиймати беш миллион евро бўлиб, кубокнинг энг қиммат футболчисига айланди. Унинг энг яқин таъқибчиси – Жанубий Корея терма жамоаси аъзоси Янг Хён Жун. Унинг трансфер нархи 2 миллион еврога баҳоланмоқда.
Ҳозир Ўзбекистонда трансфер қиймати беш миллион еврога тенг икки футболчи бор: Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 17 апрель куни Малайзияни мағлуб этди (2:0). Улар 20 апрель куни Қувайт, 23 апрель куни эса Вьетнам билан ўйнайди.
Шарҳлар