«Қачондан бери шилқимлик қилиш кулгили бўлиб қолди?» – метрода қизга шилқимлик қилган тиктокерлар жаримага тортилди

Фото с сайта UzNews

Ижтимоий тармоқларда йигит бир неча бор қўлини нотаниш қизнинг тутқичдан ушлаб турган қўлига қўйгани тасвирланган видео тарқалди.

“Ушбу видеода метро вагонидаги тиктокер тутқични ушлаб турган қизнинг қўлига атайлаб қўлини қўяди. Қиз  қўлини олиб узоқлаштиради. Шундан сўнг, у яна атайлаб унинг қўлига тегади ва дўсти билан (видеони суратга олаётган) камерага қараб, вақтичоғлик билан кулиб юборади. Қиз эса, афтидан, бу вазиятдан ноқулай аҳволга тушганди, у яна қўлини олиб қочади«, деб ёзади Nemolchi лойиҳаси.

«Қачондан бери шилқимлик қилиш кулгили бўлиб қолди?», – деган саволни ўртага ташлаган лойиҳа.

Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ушбу ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилиб, йигитларнинг шахси аниқланди. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1 (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) ва 46-1 (Шахсий ҳаётнинг дахлсизлигини бузиш) моддалари билан маъмурий баённома тузилди. Шаҳвоний шилқимлик қилиш учун 2 дан 5 БҲМ гача миқдорида жарима ёки 5 суткагача маъмурий ҳибсга олиш, шахсий ҳаётни бузганлик учун – 10 дан 40 БҲМгача миқдорида жарима назарда тутилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.