Activist фаоли “ҳаром йогуртлар” ҳақидаги ролик туфайли 15 кунга ҳибсга олинди

Фото: activist/Telegram

Ижтимоий тармоқларда АCTIVIST блоги асосчиси Ҳожиакбар Носиров 15 суткага ҳибсга олингани ҳақидаги хабар тарқалди.

Ички ишлар бош бошқармасида жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди блогерни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3 (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддалари (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича 15 суткага маъмурий қамоққа олишга  ҳукм қилганини билдирди.

Апрель ойида блогер ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида дўконларда сотилаётган турли хил йогурт маҳсулотлари ҳаром эканлигини таъкидлаган эди.

“Тергов давомида маълум бўлдики, Н.Ҳ. юқоридаги видео орқали фуқароларга турли ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаб чиқарилаётган йогуртларни таркибида “кармин” борлиги сабабли, ўз ташаббуси билан ва шахсий диний қарашларга асосланиб, тегишли соҳа бўйича эксперт хулосаси олинмасдан истеъмол қилмаслик лозимлигини маълум қилган” деб айтилади ИИББ хабарида.

 Кармин – кошениль деб аталадиган майдаланган ҳашаротлардан тайёрланган ранг берувчи озиқ-овқат моддасиМазкур ҳашоратлар Лотин Америкасида кенг тарқалган бўлиб, улар кактусларда яшайдилар. Ҳозирги вақтда улар асосан Перуда етиштирилади. Кармин замонавий озиқ-овқат саноатининг энг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, у йогурт, музқаймоқ, пирог, қандолат маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликларга қўшилади. У косметика саноатида ҳам фаол қўлланилади, у кўпинча лаб бўёғида учрайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасига кўра, ҳар ким эркинлик ва шахсий ҳаёти дахлсизлигига, шунингдек, 27-моддасига мувофиқ шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон фуқароларининг юқорида кўрсатилган кафолатлари бузилишига рухсат берилмайди. Хусусан, фуқароларнинг ўз ташаббуси билан турли масалаларга диний тус бериб, шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўйилмайди, деб айтилади бошқарма баёнотида.

Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 35-моддасига мувофиқ тадбиркорлик субъекти ўзининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларнинг рад этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасига мувофиқ, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва мамлакат бўйлаб тарқатиш диний экспертизадан ижобий хулоса олингандан кейин амалга оширилади, дея хулоса қилинади ИИББ хабарида.

“Activist ” жамоаси  “Шайхонтоҳур тумани ИИБ терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари босим остида материал тўплагани ва суд атиги уч дақиқа давомида ноқонуний ўтганини” таъкидладиМаълум қилинишича, суд мажлисидан аудиоёзув мавжуд.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.