Адлия вазирлиги Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлик дастурини имзолади
Адлия вазирлиги Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмак бериш” лойиҳасида иштирок этмоқда. 26 апрель куни адлия вазири Акбар Тошқулов ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмак бериш” лойиҳаси раҳбари Чристопҳ Копеcкй ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати раҳбари маълум қилди.
Учрашув бошида Адлия вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинган.
«Ҳамкорлик доирасида маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилди, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги янги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди, мутахассисларнинг билим ва кўникмалари оширилди. Жаноб Копеcкй Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда, хусусан маъмурий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотларда Адлия вазирлигининг ўрни муҳим эканлигини билдириб, ушбу вазифаларни янада самарали амалга оширилишида Германия томони кўмак кўрсатишда давом этишини маълум қилди», – дейилади хабарда.
Учрашув давомида томонлар “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмак бериш” лойиҳаси доирасида 2024 йилга мўлжалланган ҳамкорликдаги чора-тадбирлар дастурини имзолашган.
Ушбу дастурда Фуқаролик кодекси ва “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирларини ишлаб чиқиш, маъмурий актларни судгача кўриб чиқиш, ўзгартириш ҳамда қисман ёки тўлиқ бекор қилиш соҳасида тажриба алмашиш, давлат хизматларини кўрсатиш масалалари, Адлия вазирлиги ходимлари, ЮМОМ ҳамда ТДЮ ўқитувчилари ва тингловчилари учун ГИЗ экспертлари иштирокида тадбирлар ўтказиш ва бошқалар назарда тутилган.
Шарҳлар