“Адолат” СДП жиноятдан жабрланганларга кўмаклашишни замон талабларига монанд равишда такомиллаштириш тарафдори
Бугунги кунда жиноят натижасида етказилган моддий зарарни қоплаш жуда оғриқли масалалардан бири ҳисобланади.
Статистика маълумотларига кўра, 2022 йилда фақатгина коррупциявий жиноятлар натижасида шахс ва давлат манфаатларига 2 трлн 43 млрд сўм миқдорида зарар етказилган бўлса, шундан 1 трлн 123 млрд сўми (54 %) ундирилган. Барча жиноятлар мисолида оладиган бўлсак бу рақамлар янада катталашади.
Судда айбдор деб топилган шахсдан жабрланувчи фойдасига моддий зарарни ундириш жараёни одатда узоқ вақт талаб қилади, баъзи ҳолатларда эса умуман имконсиз. Бундай ҳолатларни инобатга олган ҳолда “Адолат” СДП жабрланувчига жиноят туфайли етказилган моддий зарар айбдордан ундирилгунига қадар махсус жамғармалар ҳисобидан қоплаб берилиши амалиётини жорий этиш таклифни илгари сурмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташланса, бу йўналишда самарали механизмлар жорий этилганини кўриш мумкин. Масалан, Буюк Британия, Канада, АҚШ ва Австралия каби давлатларда жиноят қурбонларига моддий ҳамда психологик ёрдам бериш учун махсус фондлар ташкил этилган.
Партиямиз таклиф этаётган жабрланувчилар учун махсус жамғармалар орқали моддий зарарни қоплаш амалиётини жорий этиш жиноят қурбонларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ташланган катта қадам бўлади, деб айтиш мумкин.
*Реклама ҳуқуқи асосида
Шарҳлар