Ҳафтанинг энг муҳим янгиликлари

Источник: unsplash.com

Anhor.uz таҳририяти якунланаётган ҳафтада ўтказиб юборишингиз мумкин бўлган энг муҳим материалларни тўплади.

Қонунчилик палатаси Конституцияга тузатишлар бўйича муҳокамани қайта тикламоқда.

24 февраль куни соат 15:00 да Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилишида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Туркманистондан етказилган суюлтирилган газ Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги эҳтиёжманд оилаларга берилади

Туркманистон 2000 тонна суюлтирилган газ юборди. 1000 тоннаси Қорақалпоғистон, яна 1000 тоннаси Хоразм вилояти аҳолиси ўртасида тақсимланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги суюлтирилган газ эҳтиёжманд оилаларга бепул тарқатилиши ҳақида аввалроқ хабар берган эди.

Февраль ойида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистонга суюлтирилган газни “дўстона ва биродарлик ёрдами” сифатида бериш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Ўзбекистон Европадан 13 та ҳаво кемасини импорт қилди.

Январь ойида Ўзбекистонга хориждан умумий қиймати 633,1 миллион долларлик 13 та ҳаво кемаси келтирилди. Энг қиммат самолётлар Германиядан келган. Етказиб бериш хизматлари бешта давлатга тўғри келган. Самолёт моделлари ошкор этилмаган.

Новза метро бекатининг пиёдалар йўлагида савдо шохобчалари тикланади

Метро вакилининг сўзларига кўра, Президент қарорида метро бекатларининг фаолият самарадорлигини ошириш учун савдо шохобчаларини ташкил қилиш белгилаб берилган.

Мутасаддининг айтишича, шохобчаларнинг қай тартибда тадбиркорларга ижарага берилиши борасида аниқ тартиб ҳозирча йўқ.

Унинг сўзларига кўра, шохобчалар пандемиядан олдин ҳам бўлган. Карантин сабаб фаолияти тўхтатилган.

Тошкентда кўп қаватли автомобиль тураргоҳлари қурилади

Мазкур жойлар қурилишини молиялаштириш республика ва маҳаллий бюджет даромадларининг режадан орттириб бажарилган қисмидан тенг улушларда амалга оширилади. Унга ер участкалари тўғридан-тўғри ажратилиши кўзда тутилган. Сўнгра автотураргоҳлар профилини ўзгартирмаслик шарти билан тайёр бизнес сифатида тадбиркорларга берилади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 1 ой муддатда қурилиш тартибини тасдиқлаш учун лойиҳани Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ректорларга талабаларнинг психологик портретини тузиш топширилди.

Олий ўқув юртларининг ректорларига талабаларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш топширилди:

  • жиноятчиликка мойил талабалар;
  • ёт ғоялар таъсирига тушишга мойил талабалар;
  • тартиб-қоидаларга риоя этмайдиган талабалар.

Ажратиб олинган талабаларга вазирлик ва олий таълим муассасаларининг раҳбар-ходимларини бириктириш, уларнинг ота-оналари билан индивидуал суҳбатлар ташкил этиб бориш, талабалар билар индивидуал иш олиб бориш қайд этилган. Шу тарзда талабанинг «психологик портрети»ни шакллантириш топширилган.

Мазкур ҳолатга эксперт Комил Жалилов муносабат билдирар экан, у Адлия вазирлиги ва ҳуқуқшуносларга қатор саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясидаги ҳар ким шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисидаги моддаларни эслатиб ўтди.

Бош прокуратура блогер Абдуқодир Мўминовнинг ўлими ҳақидаги маълумотни рад этди

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Абдуқодир Мўминовнинг вафоти ҳақидаги хабарлар фейк эканлигини таъкидлаган.

Февраль ойи бошида ижтимоий тармоқларда блогер Абдуқодир Мўминов ғойиб бўлгани ҳақидаги маълумот тарқалиб, номаълум шахслар унинг квартирасини ўз калити билан очгани, унга тегишли техникани олиб кетгани айтилган эди. Кейинроқ Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси Ko’zgu Youtube каналининг муаллифи фирибгарлик ва товламачиликда гумонланиб қўлга олингани ҳақида хабар берди. Кейинроқ эса блогер қийноққа солинганидан сўнг тергов изоляторида вафот этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.