Аграр соҳадаги вазифа ва режалар танқидий таҳлил этиляпти

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида аграр соҳадаги устувор вазифалар ва режаларга бағишланган йиғилиш ўтказилмоқда, деб ёзяпти давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида деҳқон-фермерларнинг манфаати, даромади ошиб, маҳсулот кўпайди, кластер тизими ривожланиб, юқори унумли техника ва чуқур қайта ишлаш кириб келди, янги навлар ва агротехнология кўпаймоқда.

«Жумладан, ўтган йили соҳада ишлаб чиқариш 4,1 фоизга ўсиб, 426 триллион сўмни ташкил қилди. Экспорт эса қарийб 2 миллиард долларга етди. 152 минг гектар боғ ва токзорлар барпо қилинган. 2023 йил илк бор 3 миллион 700 минг тонна пахта, 8 миллион тонна ғалла ҳосили олинди. Бундай рақамлар яқин тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган. Ер ва сув ресурслари чекланган шароитда қишлоқ хўжалиги масъуллари жорий йилда мутлақо янгича ишлаши зарурлиги қайд этилди», – дейилади хабарда.

Лекин, таннархни камайтириш, юқори ҳосил берадиган уруғ ва кўчатларни етказиб бериш, саноат муҳитини олиб кириш бўйича айрим мутасаддилар ва ҳокимлар етарлича ишламаётгани танқид остига олинган.

Жорий йилда туманларга ҳосилдор уруғларни етказиб, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, пахта ва ғаллада ҳосилдорликни янада ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилган.

«Шунингдек, ўғит таннархни 15 фоизга камайтириб, қишлоқ хўжалигини 900 минг тонна минерал ўғит билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Бу йилдан илк бор четдан олиб келинган чигитни экишга рухсат берилди. Лекин, шу пайтгача Пахтачилик кенгаши, Карантин агентлиги, вилоят ҳокимлари бир тўхтамга келиб, қаердан, қандай навли уруғ олиб келиб, қаерга экишни ҳал қилмагани кўрсатиб ўтилди», – дейилади хабарда.

Шу муносабат билан бир ой муддатда хориждан 3 минг тонна уруғлик чигитни олиб келиш топширилди. Умуман, жорий йилда 100 минг гектарда юқори ҳосилдор хорижий пахта навларини экиш муҳимлиги таъкидланган.

Ўтган йили ғалла ҳосили илк бор 8 миллион тоннага етгани қайд этилди, фермерлар манфаатдорлигини янада ошириш учун бу йил ғаллачиликда ҳам янгиликлар қилиниши таъкидланди.

Жорий йилда пахтадаги каби ғаллада ҳам имтиёзли кредитни тўғридан-тўғри фермерга бериш тизими жорий қилиниши айтиб ўтилди. Бундан ташқари, давлат ресурси учун харид қилинган буғдойни даладан ташиб келиш ва сақлаш харажати 2024 йилда ҳам тўлиқ бюджетдан қопланиши айтилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.