«Алға Қарақалпақстан» партиясининг етакчиси Нукус воқеалари бўйича айбланмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Жиноят кодексининг 28,104, 158, 159, 244 ва 244-1-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Аманбай Сагидуллаев (1967 йилда туғилган) ва Жиноят кодексининг 28,104, 159, 244 ва 244-1-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Ниетбай Уразбаев (1969 йилда туғилган) га оид жиноят иши очиқ суд жараёнида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий судининг матбуот хизмати хабар беради.
Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддаси (суд муҳокамасида судланувчининг иштироки) га асосланиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А. Сагидуллаев ва Н. Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилмоқда.
Маълумот учун:
28-модда: Жиноят иштирокчиларининг турлари (ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчилари деб топилади.);
104-модда: Баданга қасддан оғир шикаст етказиш;
158-модда: Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш;
159-модда: Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз;
244-модда: Оммавий тартибсизликлар;
244−1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш.
«Газета» нашрининг ёзишича, Аманбай Сагидуллаев (1967 йилда туғилган) «Алға Қарақалпақстан» партияси етакчиси, Норвегияда яшайди. ИИВ хабарига кўра, унга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддалари (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209 (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) бўйича қидирув эълон қилинган.
Ниетбай Уразбаев (1967 йилда туғилган) Қозоғистоннинг Манғистау вилояти «Аллаяр жолы» қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раиси. Ўтган йилнинг октябрь ойида “Медиазона” нашри унинг Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилгани учун давлатлараро қидирувга берилгани ҳақида хабар берган эди.
Шарҳлар