Қалин туман “Тошкент” аэропортининг фаолиятини чеклаб қўйди
Эрталаб ҳаво кемалари қуюқ туман туфайли пойтахт аэропортига қўниш ва учишни амалга оширолмади. Кўриниш ёмонлиги сабабли бир қанча маҳаллий ва халқаро қатновларнинг учиш вақти кечиктирилди ва бошқа аэропортларга йўналтирилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports компаниясининг матбуот хизмати хабар беради.
«Тошкент» аэропортидаги қуюқ туман туфайли (кўриш имконияти 150 метргача) Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилаётган Turkish Airlines авиакомпаниясининг THY-368 қатнови саҳнидаги 259 нафар йўловчи билан белгиланган аэропортга қўна олмади ва соат 08:45 да Бишкекдаги (Қирғизистон) захира аэродромга юборилди.
Шунингдек, Air Cairo авиакомпаниясининг Шарм Ал-Шайх – Тошкент йўналиши бўйлаб MSC-771 қатновини амалга ошираётган ҳаво кемаси кўриш имконияти ёмонлашгани туфайли (кўриш имконияти 200 метр) «Навоий» захира аэродромига йўналтирилган. Саҳнида 172 йўловчи бўлган самолёт соат 09:35 да «Навоий» аэропортига қўнган.
Тошкент вақти билан соат 10:14 да «Тошкент» аэропортидаги чекловлар бекор қилинди. Turkish Airlines THY-368 рейси Тошкентга соат 11:47да қўнди, Air Cairo самолёти маҳаллий вақт билан соат 12:07 да пойтахт аэропортига қўнди.
Шарҳлар