Алишер Қодиров Эрон дронлари Ўзбекистонда йиғиляпти деган гапни туҳмат деб атади (тўлдирилди)

Источник: Alter Ego

Давлат мудофаа саноати қўмитасининг позицияси тўлдирилди.

ЮКОС нефть компаниясининг собиқ раҳбарларидан бири Леонид Невзлин украиналик журналист Дмитрий Гордонга берган интервьюсида Украинадаги уруш учун Россияга етказиб берилаётган Эрон дронлари Ироқ ва Ўзбекистондаги заводларда йиғилаётганини айтган. Бу ҳақда «Медиазона» ёзади.

Гордон ҳарбий дронларни ишлаб чиқарадиган заводларга зарба бериш имконияти ҳақида сўраган. Невзлин, Ўзбекистон Россия учун қурол ишлаб чиқаришни тўхтатиши учун Исроил ва Американинг ультиматуми етарли, деб жавоб берган.

Бироқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Алишер Қодиров бу баёнотни туҳмат деб атади. “Бу асоссиз ва масъулиятсиз баёнотни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Ўзбекистон музокаралар ва ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватловчи нейтрал позицияни эгаллаган бўлиб, Россия тажовузини ҳеч қандай шаклда қўллаб-қувватламаслигини фуқароларимиз ва бутун дунё яхши билади”, — деди у.

Шунингдек, ўзбекистонлик депутат Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари бу маълумотни расман рад этиши ва “Гордонни кечирим сўрашга мажбурлаши” кераклигини таъкидлади.

Давлат Мудофаа саноати қўмитаси Ўзбекистон Украинадаги қуролли можароларда қўлланилаётган Эрон жанговар учувчисиз учиш аппаратлари (дрон) йиғиладиган жой экани ҳақидаги маълумотни рад этди.

Қўмитанинг таъкидлашича, Ўзбекистон Эрон томони билан ҳамкорликда қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқармайди ва ишлаб чиқармаган.

Давлат Мудофаа саноати қўмитаси “Оммавий ахборот воситалари орқали текширилмасдан тарқатилган” бундай хабарлар қасддан ёлғон маълумотлар билан жамоатчиликни чалғитиши ва Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан дўстона муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.