Алишер Усманов Россиянинг Украинага қарши урушига муносабат билдирди
USM холдингининг асосчиси ва энг йирик акциядори, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усмонов Италиянинг TGcom24 телеканали журналистларига Тошкентда интервью берди, деб ёзади Spot.
Алишер Усмонов Европа Иттифоқи уни олигархлар қаторига киритишига рози эмас. Унинг фикрича, бундай қарорга келганлар “бутунлай нодонлигини кўрсатган”. Унинг фикрича, олигархлар «ҳокимият ёрдамида пул ишлайди» ва «бундан ҳукуматга таъсир кўрсатиш учун фойдаланади», у эса «ҳокимиятдан совғалар олмаган» ва барча активларини «бозор шартлари бўйича» қўлга киритган.
«Олигархлар – бу Россияда капитал ривожланишининг биринчи босқичидан фойдаланиб, катта ресурсларни деярли бепул олган одамлар. Мен эса ҳаммасини рақобат асосида сотиб олганман ”, – дейди у.
Усмонов Россия фуқаролиги ва Россияда активларга эга бўлишига қарамай, Ўзбекистон “манфаатлари учун яшаётганини” таъкидлади.
Миллиардер Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида ҳам гапирди.
“Уруш таассуротларига келсак, ҳамма каби, аввалига бу шок эди. Қандай қилиб содир бўлаётган воқеалардан шокка тушмаслик мумкин? 21-асрда уруш ҳеч кимга фойда келтирмайди… Лекин бу менинг ишим эмас, мен сиёсатчи эмасман, мен сиёсатда бўлишни хоҳламайман. Ва, эҳтимол, шунинг учун мен ҳар қандай можаро тинч йўл билан, энг муҳими, қурбонларсиз якунланиши керак, деб ҳисоблайман. Шахсан мен бунга шундай муносабатдаман”, – деди у.
Алишер Усмонов асос солган USM гуруҳи таркибига “Металлоинвест”, “Удоканская медь” ва “МегаФон” компаниялари киради. У 11,5 миллиард доллар бойлиги билан Forbes талқинига кўра россиялик энг бой кишилар рўйхатида еттинчи ўринда туради.
Россия президенти Федерал йиғилишга йўллаган мурожаатида “оддий фуқароларнинг ҳеч бири хорижда яхталари, саройларини йўқотганларга ачинмаганини, “Ички” суҳбатларда эса одамлар хусусийлаштиришни ҳам, янги одамларнинг кўргазмали дабдаба-ҳашаматини ҳам эслаганини” билдирди.
Қайд этиб ўтамиз, шу йилнинг январь ойида Хорватия расмийлари Алишер Усмоновга алоқадорлиги айтилаётган 35 метрлик Irina VU яхтасининг йўқолиши бўйича тергов олиб бораётгани маълум бўлган эди.
Хорватия денгизчилик, транспорт ва инфратузилма вазири Олег Буткович россиялик тадбиркорларга қарши санкциялар доирасида мусодара қилинган яхта Муртер оролидаги пристандан йўқолганини маълум қилди. Унга кўра, кема ўтган йилнинг октябрь ойида номаълум йўналишда сузиб кетган.
Шарҳлар