Алишер Усмоновнинг синглиси ЕИнинг санкцион рўйхатидан чиқарилди

Источник: Facebook

Олигарх ва «Арсенал» футбол клубининг собиқ акциядори Алишер Усмоновнинг синглиси Украинадаги урушга жавобан тузилган Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилди. Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиева апрель ойида рўйхатга киритилган россиялик амалдорлар ва олигархларнинг яқинлари қаторида эди. Бу ҳақда The Guardian нашри ёзади.

Уни рўйхатга қўшар экан, Европа Иттифоқи The Guardian нашри ва медиа-ҳамкорлар, шу жумладан Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) томонидан олиб борилган терговдаги маълумотларга асосланган эди.

Саодат Нарзиева “тиббиёт соҳасида ўттиз йилдан ортиқ тажрибага эга акушер-гинеколог ҳисобланади. Аммо Нарзиеванинг ҳисоб рақамларидаги пуллар ишдан олинган даромад билан изоҳланмайди”, — деб ёзган эди журналистлар. – “Унинг ҳисобрақамларидаги максимал баланс 2 миллиард АҚШ долларидан ошади. Унинг акаси мультимиллиардер, россиялик олигарх Алишер Усмонов. У телекоммуникация ва тоғ-кон саноати, шунингдек, оммавий ахборот воситаларидаги компанияларга эгалик қилади”.

Апрель ойида Усмонов ва Нарзиева ЕИ ҳудудида саёҳат қилишлари ёки аъзо давлатлардаги активларидан фойдаланишларига тўсқинлик қилган санкцияларни бекор қилишни сўраб алоҳида судга мурожаат қилан эди. Усмонов эса рўйхатда қолишда давом этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.