Алламжоновнинг Ежковга қарши иши қандай ҳал бўлиши мумкин? – ҳуқуқшунос жавоб беради
Шу йил 21 февраль куни Uzmetronom.com сайти eltuz.com сайтига таянган ҳолда “ Бриллиантовый мальчик” (“Бриллиант йигитча”) мақоласини эълон қилганди. Мақолада Миллий оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг Ўзбекистонга 4 миллион 200 минг долларлик заргарлик буюмларини ноқонуний олиб киришга алоқадорлиги айтилади. Комил Алламжонов Uzmetronom.com асосчиси Сергей Ежковга қарши даъво аризасини берди.
«Мен Сергей Ежков билан шахсан таниш эмасман, бироқ 2016 йилгача бу сайт маълум бир махсус хизматларнинг айрим шахсларни қоралаш бўйича буйруғини бажариши ҳақида миш-мишлар юрганди. Буни аниқ билмайман, албатта», – дея қайд этган Алламжонов.
Ҳуқуқшунос Илҳом Ҳамидовнинг қайд этишича, агар тергов жараёнида журналист (ёки ОАВ) мақолада келтирилган маълумотни тасдиқламаса, Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (агар суд ушбу қисм бўйича малакаласа) бўйича жиноий жавобгарлик қўлланилиши мумкин(“Оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этишда айблаш билан боғлиқ туҳмат”).
Маъмурий жавобгарлик қўлланилмайди, чунки 139-модданинг 2-қисмида худди шу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик қўлланилганидан кейин жавобгарлик қўлланилиши назарда тутилмаган. Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 66-моддасига (1-изоҳ)мувофиқ томонларнинг ярашуви муносабати билан (агар шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни қоплаган бўлса), айбдор томон жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Агар квалификация Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми бўйича борса, томонларнинг ярашуви кўзда тутилмайди.
Шарҳлар