Алма-атада суд қорақалпоғистонлик фаол Зевар Мирманбетовани 40 суткага ҳибсга олди

Источник фото: Власть

Алма-ата шаҳар ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди қорақалпоғистонлик фаол Зевар Мирманбетовани 40 суткага ҳибсга олди, дейди Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюросининг матбуот котиби Денис Живаго. Бу ҳақда «Медиазона» ёзади.

Живагонинг сўзларига кўра, прокурор 40 суткага ҳибсга олишни сўраган, судья эса талабни қаноатлантирган. Адвокатлар суддан Мирманбетованинг икки нафар вояга этмаган фарзанди борлиги сабабли уй қамоғига ўтказишни сўраган. Бироқ бу илтимос инобатга олинмаган.

4 октябрь куни полиция қорақалпоқ фаолини ҳибсга олди. Қорақалпоқ диаспораси вакили Оқилбек Муратбайнинг айтишича, уч нафар ходим Мирманбетовани “биз билан бирга бориши керак” деган баҳона билан уйидан олиб кетган.

Ўтган ойда Алма-атада яна уч қорақалпоқ фаоли: Қўшқарбай Тўремуратов, Жангелди Жақсимбетов ва Раиса Худайбергенова ҳибсга олинган эди. Кейинроқ учаласи ҳам Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланиб, 40 суткага тергов изоляторига жўнатилди. Шунингдек Торемуратов ва Жақсимбетов ҳам жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда гумон қилинган.

Диаспора вакиллари қорақалпоқларнинг ҳибсга олинишини июль ойида республикада суверенитетни сақлаш учун ўтказилган митинглар билан боғлашмоқда. Ўшанда Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетини қисқартирувчи ўзгартишлар киритилишига қарши намойишлар бўлиб ўтганди.

Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар пайтида 21 киши ҳалок бўлган, улардан тўрт нафари ҳуқуқ-тартибот ходимларидир. 200 дан ортиқ одам жароҳатланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.