Ҳалок бўлган ҳарбийларнинг фарзандлари бепул ўқитилади
Давлат раҳбари Сурхондарёда Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари билан учрашди. Президент ҳарбий хизматчилар оиласига эътибор ва ғамхўрлик ҳамиша давом эттирилишини таъкидлади. Шу мақсадда “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди.
Ҳозирги кунда ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг 270 нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олаяпти. Энди, фармонга кўра, ҳар бир оила аъзоси учун пенсия миқдори 25 фоизга оширилади. Натижада ҳар бир оила аъзоси ўртача 2 миллион сўмдан пенсия олади.
Иккинчидан, вафот этган хизматчиларнинг оила аъзоларидан ҳозирда 82 нафарининг уй-жойи йўқ, уларнинг 21 нафари ижарада ва 61 нафари қариндошиникида яшайди. Бундан буён, муҳтож оилаларга биринчи навбатда турар жой берилади ва имтиёзли ипотека кредити олиш имконияти яратилади. Оила аъзоларига ижара тўлови учун 1 миллион 800 минг сўмгача пул берилади. Бундан ташқари, ҳалок бўлган хизматчининг фарзандлари боғча, коллеж, техникум ва олийгоҳда бепул таълим-тарбия олади.
Учинчидан, оила аъзоси даромадининг солиқдан озод қилинадиган суммаси 2 баробар кўпаяди. Бу тартиб ходимнинг фарзандларига ҳам татбиқ этилади. Натижада марҳум хизматчининг оиласи рўзғорида ҳар ой ўртача 700 минг сўм қўшимча пул қолади.
Тўртинчидан, бундан буён ушбу тоифадаги хизматчининг оила аъзолари ҳарбий шифохоналарда бепул даволаниш ҳуқуқига эга бўлади ва навбатдан ташқари стационар тиббий ёрдам олади. Уларга дори-дармон ва протез-ортопедия мосламалари олиб берилади, жарроҳлик харажатлари давлат ҳисобидан қопланади. Хизматчининг ота-онаси, турмуш ўртоғи ҳар йили санаторийда бепул даволанади, болалари оромгоҳларда соғломлаштирилади. Уларнинг ота-онаси учун йилига икки марта темир йўл ва ҳаво транспортида юриш бепул бўлади.
Бешинчидан, ҳалок бўлган хизматчилар оиласини ҳарбийлашган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан оталиққа олиш амалиёти жорий этилади. Шу билан бирга, вилоят ҳокимликлари томонидан оғир аҳволдаги бундай оилаларга ҳар ой 400 минг сўм миқдорида нафақа бериб борилади.
Бундан буён, агар хизматчи ўз бурчини бажаришда ҳалок бўлган тақдирда, унинг оиласига иш ҳақини 150 баравари миқдорида бир йўла нафақа берилади. Яъни, бу нафақа ўртача 300 миллион сўмдан 500 миллион сўмга оширилади. Ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта тўлови 25 миллион сўмдан 60 миллион сўмга кўпаяди.
Давлат раҳбари бундай мард инсонларни вояга етказган ота-оналари, фарзандлари доимо юртимиз ардоғида бўлиши зарурлигини таъкидлаб, “Эл-юрт фидойиси” кўкрак нишони таъсис этиш таклифини билдирди. Бу нишон гувоҳномаси Олий Бош қўмондон томонидан имзоланади. Ушбу эътироф эгалари барча имтиёзларга эга бўлади.
Шарҳлар