Қамоқхонада интернетсиз ва мухолифат билан: Покистонда сайловлар қандай ўтди

Фото: Anadolu

8 февраль куни Покистонда умумий сайловлар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, миллий ассамблеядаги 336 та мандатдан 266 тасининг (70 ўрин аёллар ва мусулмон бўлмаганлар учун ажратилган – улар парламентга кирган партиялар ўртасида мутаносиб равишда тақсимланади) ва Балужистон, Панжоб, Синд ва Хайбар-Пахтунхва провинцияларининг қонун чиқарувчи органларидаги мандатларнинг эгалари аниқланади. Янги парламент ҳукуматни тузадиган бош вазирни танлаши керак. Агар номзодлардан ҳеч бири оддий кўпчилик овозни ололмаса, энг яхши натижага эришган партиядан коалицион ҳукумат тузиш сўралади.

Сайловлар фавқулодда вазиятда ўтказилди: бир кун аввал Балужистонда номзодларнинг офислари террорчилар ҳужумига учраган эди. Портлашлар натижасида 30 киши ҳалок бўлди, ҳужум учун жавобгарликни «Исломий давлат» (Россияда тақиқланган) террорчилик  ташкилоти ўз зиммасига олди. Шу муносабат билан сайлов участкаларини қўриқлаш учун 650 минг нафардан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жўнатилди. Расмийларга кўра, «қонун ва тартибни сақлаш ва мумкин бўлган таҳдидларга қарши туриш» учун мамлакатда мобил интернет ўчирилган.

Сайловларда 44 та сиёсий партия иштирок этмоқда. Бунгача уч марта (1990–1993, 1997–1999 ва 2013–2017) мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаган 74 ёшли Навоз Шариф бошчилигидаги Покистон мусулмон лигаси етакчи деб ҳисобланганди. 2024 йил январида Покистон Олий суди судланган сиёсатчиларга сайловларда қатнашиш тақиқланган умрбод тақиқни бекор қилиб, 2017 йилда коррупцияда айбланиб ҳокимиятдан четлаштирилган Шарифга тўртинчи муддатга йўл очиб берди. Унинг 2022 йил апрелидан 2023 йил августигача ҳукуматни бошқарган укаси Шаҳбоз ҳам лиганинг сайловчилар рўйхатига киритилган.

Лиганинг асосий рақиби Покистоннинг бошқа сиёсий сулоласидан бўлган 35 ёшли Билавал Бҳутто Зардорий бошчилигидаги Покистон Халқ партиясидир, унинг вакиллари бир неча бор ҳукуматни бошқарган. The Associated Press агентлиги унинг Шарифнинг коалицион ҳукуматига қўшилиш учун барча имкониятлари борлигини башорат қилган.

Сайловда ҳозирги мухолифатдаги «Техрик-е-Инсаф» (“Адолат учун ҳаракат”) партияси сиёсатчилари ҳам иштирок этди. Тўғри, улар мустақил номзод сифатида қатнашган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.