Андижон тумани собиқ ҳокимига чиқарилган суд ҳукми ўзгарди

Сайёр қабул
Фото: Андижон тумани ҳокимлиги

Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг 2023 йил 8 февралдаги ҳукмига мувофиқ Абдужаббор Эгамбердиев (1974 йилда Андижон вилоятида туғилгaн, Андижон тумани хокими лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 207-моддаси 1-қисми ва 229-4–моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 2-қисми ва 61-моддаси тартибида 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар беряпти.

А.Эгамбердиев ва унинг ҳимоячиси томонидан судга ўталмай қолган мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги аризаси тақдим этилган.

«Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг 2024 йил 18 январдаги ажрими билан А.Эгамбердиевнинг аризаси қаноатлантирилиб, у фақатгина ўталмай қолган 1 йил 3 ой 16 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган», – дейилади хабарда.

Бугунги кунда А.Эгамбердиев унга суд ҳукми билан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари асосий жазосини белгиланган тартибда пробация гуруҳи ҳисобида ўтаб келмоқда.

Бундан кўринадики, А.Эгамбердиев оқланмаган ва унинг оқланганлиги тўғрисида тарқатилган хабар ҳақиқатга мос келмайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.