Андижон шаҳар кенгашининг депутати ҳибсга олинди

Фото: Daryo.uz

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Шуҳратбек Каримов унга қарашли тадбиркорлик субъекти устидан очилган жиноят иши доирасида қамоққа олинди, деб ёзади Kun.uz нашри.

Шуҳратбек Каримов таъсисчилигидаги “Alliance road construction” МЧЖ Андижон шаҳар Бўстон даҳасида ўзбошимчалик билан 6 гектар ерни ноқонуний эгаллаб олиб, қурилиш бошлаганликда ва бу орқали “Ибтидо сервис транс” ҳамда уч нафар фуқаронинг ердан фойдаланиш ҳуқуқларини поймол қилишда гумон қилиняпти.

Каримов Андижон шаҳар кенгашининг 17 май кунги сессиясида шаҳар прокурорининг тақдимномасига асосан депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинганди.

Бу сессияда депутатларга телефон ҳамда овоз ва видео ёзувчи бошқа мосламаларни олиб кириш тақиқланган, шу боис миллий гвардия ходимлари депутатларни тинтув қилган эди. Бу эса жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлганди.

Ўшанда Миллий гвардия матбуот хизмати берган изоҳда, тинтув қилиш топшириғини Андижон шаҳар ҳокими бергани, прокуратура ва ИИБ ходимлари тинтувга бош-қош бўлгани маълум қилинганди.

Каримов депутатлар шаҳар кенгашида мунтазам равишда Андижонда ерлар ноқонуний берилишига ва шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровнинг қарорларига қарши чиқиб келган. Шунингдек, у шаҳар прокурорини ҳам танқид қилган ва Бош прокуратурадан унинг аттестациясини ўтказишни сўраган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.