Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг раҳбари манфаатлар тўқнашуви сабабли ишдан бўшади

Источник: хокимият Андижанской области

Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Журъатбек Қувватов ўз лавозимидан озод этиш тўғрисида ариза берди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри вилоят ҳокимлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

Тадбиркорлик билан шуғулланиб, фармацевтика, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қатор компанияларга асос солган Журъатбек Қувватов 18 октябрь куни вилоят ССБ бошлиғи лавозимига тайинланган эди.

10 ноябрдан кучга кирган «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунга кўра, давлат фуқаролик хизматчисига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий бошқарув, маъмурий хўжалик вазифаларини бажаришга чекловлар қўйилган.

«Юқоридаги Қонун кучга кириши муносабати билан, Қонуннинг 19-моддасида таъкидланган манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш мақсадида Ж.Қувватов эгаллаб турган лавозимидан (Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи) озод қилинишини сўраб ариза билан мурожаат этганлиги маълум қилинади», — дейилади хабарда.

Журъатбек Қувватов ҳалигача Makro Texnoagro Biznes (100%), Makro Farm Al Sansar (20%), «Андижон» футбол клуби (100%), Makro Farm Academy (100%) ва бошқа компанияларнинг таъсисчиси ҳисобланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.