Андижонда мактаб ўқувчиларидан ҳокимнинг саволларига “шукроналик ҳисси билан” жавоб бериш буюрилди

Источник: соцсети

Ижтимоий тармоқларда «Андижонда ўқувчилардан вилоят ҳокими саволларига шукроналик ҳисси билан жавоб бериш кераклиги» акс этган хабарлар тарқалди. Унда барча синф раҳбарларига свет ва газ муаммосини гапирмаслик ҳам талаб қилинган. Шунингдек, уларда ўқиш нияти бўлмаса ҳам «улар 100% келажакда ўқишга кириш истагини билдириши кераклиги» айтилган. Бу ҳақда “Газета” нашри хабар беради.

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилардан бундай нарсаларни талаб қилмасликни сўраган. Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати эса расмий муносабатида ижтимоий тармоқларда келтирилган бундай топшириқлар туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлимлари томонидан берилмаганлигини маълум қилган.

Маълум қилинишича, вилоятнинг Жалақудуқ туманидаги мактабларда таҳсил олаётган «ўқувчи-ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни қизиқишларига қараб йўналтириш мақсадида тумани ҳокими Ҳикматилло Латипов иштирокида „Ҳоким ва ёшлар“ учрашувлари, очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда».

Ҳокимлик бундай очиқ-мулоқот тадбирларида уларга фақатгина тадбирда одоб-ахлоқ қоидалари риоя этишлари юзасидан тавсиялар берилишини таъкидлади. Ана шундай учрашувлар уларни фикрларини эркин баён этишлари учун ҳам ташкил этилишини қўшимча қилган.

Тумандаги барча мактаб жамоаларига, педагог-устозларига ўқувчиларини сифатли таълим олишлари йўлидаги фаолиятларини самарали олиб боришларини, турли асоссиз хабарлар муҳокамаларига берилмаган ҳолда фақат таълим жараёнлари билан шуғулланишларини сўраб қоламиз, дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова ўқувчиларга мана бу ёзувдаги каби нарсаларни уқтириш, сингдириш йўли билан уларни Ўзбекистон келажагини қурадиган ёшлар қилиб тарбиялаб бўлмаслигини, таълимда бундай инсонларнинг ишлаётганлиги ачинарли эканини келтирди.

“Ҳоким Андижон фарзандларининг отаси экан, фарзанд отасига ўзини қийнаётган ҳар қандай масалани айтишга ҳаққи бор, отаси эшитмаган болани кўчада бегоналар эшитади, бу эса яхшиликка олиб келмайди. Ҳоким ҳам айнан шу учун ёшлар билан учрашгани келаётгани аниқ, бу йўл билан ўзингизни яхши кўрсатманг”, – деди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.