Андижоннинг собиқ ҳокими 10 йилга қамалди
Андижоннинг собиқ ҳокими Бахром Ҳайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Фергана” нашри Ўзбекистон Олий судининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
Ҳайдаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисмининг «а» ва «в» бандлари («бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ўта йирик миқдорда ўғирлик қилиш»), 209-моддаси 2-қисми («уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб мансаб сохтакорлигини амалга ошириш») ва 243-моддаси («Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш») билан айбдор деб топилган.
Собиқ шаҳар ҳокими 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 баравари, яъни 85 750 000 сўм (7,7 минг доллар) жарима жазоси тайинланган.
Жиноятлар Ҳайдаров Андижон вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган вақтида содир этилган. Жиноятда яна 45 киши иштирок этган. Айбланувчилар 63 миллиард сўмдан (5,7 миллион доллар) ортиқ маблағни ўзлаштиришда айбланган. Шундан 16 миллиард сўм (1,4 миллион доллар) қопланган, қолган қисми судланувчилардан биргаликда ундирилади.
Айбланувчилар орасида Андижоннинг собиқ прокурори Қурбонали Асқаров ҳам бор эди, у 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган. Андижон шаҳар марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати бош ҳисобчиси Саида Йўлчиева 7 йил 11 ой 26 кунга, Андижон вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳод Муллажонов 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. Андижон вилояти халқ таълими бошқармасининг собиқ бошлиғи Азизбек Миркомилов 5 йилга қамалган.
Қолган судланувчилар ҳам жиноят содир этганликда айбдор деб топилган. Уларнинг аксарияти 4 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилган, бир неча киши ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган, бир судланувчи жиноий жавобгарликка тортиш муддати тугаганлиги сабабли озод қилинган, икки нафари жаримага тортилган ва суд залидан озод этилган.
Баҳром Ҳайдаров 50 ёшда. У 2019 йил октябрь ойида Андижон шаҳар ҳокими этиб тасдиқланган. Ундан олдинги раҳбар Дилмурод Раҳматуллаев ўша йилнинг ёзида «аҳоли мурожаатлари билан ишлашда йўл қўйган хатолари» учун ишдан бўшатилганди ва унинг ишдан кетишига эротик далиллар ҳамроҳлик қилганди. Ҳозирда Андижон шаҳрини Ғофуржон Абдураҳмонов бошқармоқда.
Шарҳлар