Ангренда ЙПХ ходими ҳайдовчига нисбатан электрошокер қўллади

Фото: Скриншот видео

Ижтимоий тармоқларда Йўл-патрул хизматининг инспектори ҳайдовчига нисбатан электрошокер ишлатаётгани акс этган видео тарқалди. Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси воқеага изоҳ берди.

Хабарда айтилишича, воқеа 18 декабрь куни Ангрен шаҳрида содир бўлган. ЙПХ ходими Nexia-2 ​​русумли автомашинани йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун тўхтатган. Рулда 35 ёшли ҳайдовчи С.Х. бўлган.

Ҳайдовчидан ҳужжатларни тақдим этишни сўрашганида, у рад жавобини бериб, воқеа жойидан қочиб кетган. Кейинчалик, эркак иккинчи марта шаҳар бозори яқинида тўхтатилган. ЙПХ инспектори ҳайдовчини яна огоҳлантириб, қонунга риоя қилишни сўраган. Бунга жавобан ҳайдовчи ҳуқуқ-тартибот органи ходимини ҳақорат қилиб, қаршилик кўрсата бошлаган.

Инспектор Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, электрошокерни қўллаган. Ҳозирда ушбу ҳодиса бўйича барча иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тегишли қонуний қарор қабул қилиш учун тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.