АОКА раҳбари зўравонлик ва муросасизликни тарғиб қилган ОАВ ва блогерларни жаримага тортишни таклиф қилди

Источник: islomkarimov.uz

Ўзбекистонда зўравонлик, шафқатсизлик, диний муросасизлик, ахлоқсизлик ва порнографияни тарғиб қилувчи материалларни чоп этганлик учун ОАВ ва блогерларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланиши лозим. Бу ҳақда Сенатнинг 26-ялпи мажлисида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори Асаджон Хўжаев маълум қилди, деб ёзади «Фергана» нашри “Daryo” нашрига таянган ҳолда.

«Оммавий ахборот воситалари ва Telegram-каналларда кўплаб зўравонлик, шавқатсизлик, маънавий бузуқлик, порнографияни тарғиб қилувчи материаллар тарқаляпти. Биз уларнинг эгаларини аниқламоқдамиз ва тегишли огоҳлантириш беряпмиз. Лекин кейинги кўриладиган чорамиз жиддий эмас. Яъни ўша материални ўчириш, чеклаш ёки бундай ҳолат қайтарилмаслиги бўйича ҳеч қанақа санкциялар йўқ. Маъмурий жавобгарлик кодексида ҳам бундай материаллар тарқатгани учун маъмурий жавобгарлик мавжуд эмас. Лекин бундайларнинг орқасида иқтисодий санкциялар бўлмаса, ҳаракатларимиз самарали натижа бермаяпти», — деб ҳисоблайди Хўжаев.

Унинг сўзларига кўра, 2021—2022 йилларда 18 мингдан ортиқ шундай ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, порнография, зўравонлик, беҳаёлик, наркохизматларни тарғиб қилувчи 3 минг 134 та хорижий веб-сайтлар борлиги аниқланган. Махсус идоралар билан биргаликда уларни Ўзбекистон ҳудудига кириш ва фойдаланиш ҳуқуқи чекланган. «уз» доменидаги 9 минг 500 та веб-сайтда беҳаёлик, маънавий бузуқлик, зўравонлик, шавқатсизлик, қимор, таваккалчилик, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилиш ёки уларни тарғиб қилувчи маълумот ва ахборотлар аниқланган. Улар бўйича «Ўзкомназорат» ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тегишли чоралар кўрилмоқда.

Асаджон Хўжаевнинг таъкидлашича, телеканаллар ва бошқа ОАВда видеоматериалларга ёш тоифаларининг белгилари қўйилмаслиги ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Шу муносабат билан сўнгги беш йил ичида АОКА томонидан олтита давлат ва учта хусусий каналларга жами 33 та ва огоҳлантириш хатлари юборилган. Аммо бу ҳам керакли самарани бермаган, зеро «қонунчиликда бу борада ҳам маъмурий жавобгарлик назарда тутилмаган».

АОКА тегишли таклифларни тайёрлаб, мутасаддиларга юборади, дея қўшимча қилган агентлик раҳбари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.