АОКАда Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида анжуман ўтказилди

Фото: www.anhor.uz / Айсулу Турдигалиева

Транспорт вазирлиги ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» жамияти вакиллари иштирокида «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» мавзуси остида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Тошкент шаҳри, шунингдек, бутун мамлакатда жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар қандай бартараф этилиши, жумладан брутто-шартномаларнинг ишлаши ҳақида маълумот берилди.

2023-йил 16-февральда Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолаган қарор билан, жамоат транспортининг жозибадорлигини таъминлаш, йўналишларда барқарор ҳаракат тезлигини таъминлаш, аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида вақтга бириктирилган дифференциал тариф режалари апрель ойидан жорий этилади. Бунда, бир соат ичида автобусдан автобусга биринчи марта ўтиш 70 фоизгача арзонлашади, иккинчи ва кейинги ўтишлар йўловчи учун бепул бўлади, автобусдан метрога ёки метродан автобусга ўтишда тариф 30 фоизгача арзонлашади.

Шу билан бирга, жамоат транспортидан кунлик актив фойдаланувчилар учун бир кунлик лимитсиз тарифлар жорий этилади.

Қарор билан белгилаб берилган «брутто-шартнома» тизимини жорий этилиши орқали ташувчилар йўлкира хаққи тушумлари бўйича жавобгарликдан халос бўлган ҳолда янги критериялар яъни ташувлар сифати ва хажми бўйича баҳоланадиган ва молиялаштириладиган тизимга ўтилади.

Бунда, ташувчи билан ҳисоб китоблар шартнома шартлари асосида амалга оширилган қатновлар, ҳаракат таркиби сони, мунтазамлик, белгиланган интервалларга риоя этилиши каби шартлар бажарилганлиги бўйича баҳоланган ҳолда амалга оширилади.

Ҳужжатга мувофиқ ҳар бир автобус йўналиши бўйича ташувчилар электрон тендер натижалари бўйича аниқланади. Тендер савдоларига чиқариладиган йўналиш қийматининг бошланғич нархи ҳар бир автобус йўналиши бўйича йўловчи ташиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда рентабелликнинг 10% микдори инобатга олинган ҳолда, ҳар бир километр босиб ўтиладиган масофа учун шакллантирилади. Мониторинг қилиш, Қорақалпоғистон Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари қошида ташувчилар томонидан йўналиш кўрсаткичлари бажарилишини бажарилган иш ҳажми ва сифатини аниқлаш ҳамда баҳолаш, йўлкира ҳақи тўланишини ва кўрсатилган хизматлар сифатини назорат қилиш учун автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорат тизими ташкил этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.