Апелляция суди ваколатларни суиистеъмол қилиш иши бўйича Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчисини оқлади

Анарбек Карашев, Ерик Утембаев. Источник: Tengrinews.kz

Апелляция суди Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ масъул котиби Анарбек Карашев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Ерик Утембаев ва пудратчи ташкилот директори Нурекеновга нисбатан қўзғатилган ишни қайта кўриб чиқди, дея хабар беради Tengrinews.kz пойтахт судининг матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Апелляция кенгаши “хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш” таркибининг ажралмас қисми бўлган ишда аслида ҳеч қандай зарар йўқ, деган хулосага келди. Айблов томонидан қилмиш ва A.Б.Карашевнинг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиши ҳамда Утембаев ва Нурекеновларнинг шериклиги натижасида юзага келган оқибатлар ўртасида сабаб-оқибат боғлиқлиги исботланмаган, бу жиноятнинг мажбурий белгиси ҳисобланади”, — дейилади хабарда.

Суд шахсни мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбдор деб топиш учун ундан фойдаланганда ўзи ёки бошқа шахслар ёки ташкилотлар учун манфаат ва имтиёзлар олиш ёки бошқа шахс ёки ташкилотларга зарар етказиш мақсади мавжудлигини аниқлаш зарурлигини таъкидлади.

“Апелляция инстанциясида ўтказилган суд тергови давомида Карашевнинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани, Утембаев ва Нурекеновларнинг шериклик қилгани тасдиқланмади. Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра оқлов ҳукми чиқарилди”, — дейишмоқда судда.

Суднинг 2020 йил 18 сентябрдаги ҳукми билан Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ масъул котиби Анарбек Карашев мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Ерик Утембаев ва пудратчи ташкилот директори Б. Нурекенов юқоридаги ҳаракатларга шерикликда айбдор деб топилганди.

Аввалига Карашевнинг хатти-ҳаракатлари Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси биноси қурилиши учун ажратилган маблағни ўзлаштириш сифатида баҳоланган эди. Бироқ суд жараёни давомида суд уларни мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш сифатида қайта малакалаштирди.

2022 йил апрель ойида иш янги суд муҳокамасига юборилгани маълум бўлди. Олий суд иш бўйича дастлабки тергов ва суд тергови бир томонлама ва чала амалга оширилган, деган хулосага келди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.