Апелляция шикоятини қабул қилиш масаласи ўзгармоқда

Апелляция шикоятини (протестини) қабул қилиш масаласи вилоят ва унга тенглаштирилган апелляция, кассация инстанцияси суди судьясига берилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Пленум қарорида апелляция, кассация шикоятини (протестини) йўллаш ва юбориш, ишни кўрган суд эса шикоятни (протестни) иш билан бирга вилоят ва унга тенглаштирилган судга юбориш тартиби юзасидан аниқ тушунтириш берилган.

Қарорда суд ҳужжатини қабул қилган суд берилган шикоятни (протестни) процессуал қонуннинг бирон-бир талабларига мос эмаслиги асоси билан қайтариш масаласини ҳал қилишга ҳақли эмаслиги тушунтирилган.

«Пленум қарорида шикоят (протест) бериш муддати узрли деб топилган сабабларга асосан тикланганда, иш бўйича бошқа шахслар томонидан ўтказиб юборилган муддат, ўтказиб юборилиши сабабларидан қатъи назар, тиклаш тўғрисидаги масалани қўшимча равишда ҳал қилиш талаб этилмаслиги ҳам батафсил тушунтирилган», – дейилади хабарда.

Бундай шикоят (протест) тегишли талабларга риоя этган ҳолда апелляция, кассация муҳокамаси тугаганига қадар шу инстанция судига берилиши мумкин ва умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.

Пленум қароридаги асосий тушунтиришлардан яна бири процессуал қонунчиликка киритилган янги процессуал ҳаракат, яъни фақат апелляция, кассация инстанция судлари ваколати ҳисобланган ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш тартибидир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.