AQLVOY телеканали “Венеранинг туғилиши” суратини кўрсатгани учун узр сўради

AQLVOY болалар канали эфирда ўпишиш саҳнасини ҳамда итальян рассоми Сандро Боттичеллининг машҳур “Венеранинг туғилиши”  суратини намойиш қилгани учун томошабинлар олдида узр сўради, деб ёзади «Фергана» нашри Podrobno.uz нашрига таянган ҳолда.

Рус ва ўзбек тилларидаги кечирим 19 июнь куни AQLVOY каналининг расмий аккаунтларида чоп этилди. Уларда айнан қайси саҳналар шов-шувни келтириб чиқаргани кўрсатилмаган, фақат улар “Шаҳризода. Айтилмаган ҳикоялар” ва “Арт – Одиссея” мультсериалларида намойиш қилингани қайд этилади. Бунда ўзбек тилидаги узрда каналнинг бутун ижодий жамоаси “йўл қўйилган хатолик учун хайфсан олгани” кўрсатилган, унинг рус тилидаги версиясида эса бу ҳақда ҳеч нима дейилмаган.

«Ушбу воқеа муҳокамаси якунлари бўйича телеканал жамоаси яна бир бор Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари ҳақида ва ушбу қонун бузилган тақдирда интизомий чоралар қўлланиши ҳақида огоҳлантирилди. Шунингдек контентни назорат қилишни кучайтириш учун қўшимча ходим олинади», — дейилади AQLVOY хабарида. Шу билан бирга, дубляжни амалга оширадиган компаниялар билан “ножўя эпизодлар” мавжудлиги ҳақида олдиндан хабар берилиши ҳақида келишиб олингани қўшимча қилинади.

AQLVOY матбуот хизмати томошабинларга фаол позицияси учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, канал ҳали “жуда ёш” ва “эндигина оёққа тураётганини” қўшимча қилади.

Қайд этиб ўтамиз, AQLVOY канали шу йил март ойи охирида Ўзбекистонда эфирга узатила бошланганди. У ўзини болалар кўнгилочар- маърифий телеканали сифатида позициялайди. Каналнинг асосий аудиторияси – 3-10 ёшли болалар бўлиб, эфирга Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа мамлакатлар студияларида яратилган ва ўзбек тилига ўгирилган мультсериаллар ва дастурлар узатилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.