Ҳарбийлар қурол ишлатиш мумкин эмаслиги ҳақида буйруқ олганларини билдирмоқда

Кадр видео из соцсетей

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Қорақалпоғистонда 2 июль кунги намойишлар вақтида одамлар томонидан тўхтатилган БТР махсус техникаси ичида бўлган ҳарбийларнинг интервьюсини эълон қилди. Ҳарбийлар июл ойининг биринчи кунларида оммавий намойишлар бўлиб ўтган республикадаги вазиятни барқарорлаштиришга жалб этилганди, деб ёзади «Газета» нашри.

«Қурол ишлатиш мумкин эмаслиги бўйича буйруқ олгандик. Чунки уй ёқда тинч аҳоли, оддий, содда халқ… Ҳамма ўзининг доимий жойига, ҳарбий қисмларига, постларига етиб бориши бўйича команда олдик. Шахсий таркибимга зудлик билан БТР техникасига ўтиришини тайинладим ва ҳаракатни бошладик», — деди Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилувчи капитан капитан Рустам Бобожонов.

Капитаннинг сўзларига кўра, унинг гуруҳи 17:30 лар атрофида ҳаракатни бошлаган бўлса, доимий жойлашув жойига қараб тахминан 500 метрлар юрган.

«Бизни йўлимизни тусаяпти. Йўлимизни тўсди… Қўлларида ҳар хил темир жисимлар, арматуралар, лом, ёнувчи аралашма [бор]», — деган БТР ҳайдовчиси.

«Ҳамма нарсаган тайёр туришга команда бердим. Тайёр туринглар Шу пайти ҳарбий қисмга алоқага чиқдим. Бизга ёрдамчи куч керак, олдимиздан 300−400, орқамиздан 100−200 оломон ёпирилиб келяпти… Техникамизга зарба беришни, ойналарини синдиришни бошлади», — деди у.

Асосий мақсадимиз ўша ерда қорақалпоқ халқини тинчлигини, осойишталигини сақлаш бўлганлиги сабабли шу вазиятда техникамиз билан халқни устига бостириб ҳайдамадик. Халққа қурол ишлатмадик. Уларни бирортасини жонига озор берганимиз йўқ”, — дея сўзлаб берди капитан.

Бошини бинт билан боғлаган аскар: «Маҳаллий аҳоли жабр кўрмаслик учун биз БТРни тўхтатдик. БТРни аҳолини устига қараб ҳайдашимиз ёки уларга қараб ўқ узишимиз ҳам мумкин эди. Бу қўлимиздан келарди, виждон йўл қўймади. Ҳеч қачон ортга чекинмаймиз, деб қасамёд қилганмиз. Ҳарбий либосни кийдикми, охиригача, сўнги қонимиз қолгунича ватан учун хизмат қиламиз».

Капитаннинг маълум қилишича, у мўлжалга олувчига осмонга қарата бир неча марта огоҳлантирувчи ўқ узишни бюурган. Видеолардан шуни кўриш мумкинки, огоҳлантирувчи ўқ намойишчиларни бу ҳаракатидан тўхтатмаган.

Ҳарбийларнинг айтишича, БТР люки металл буюмлар ёрдамида очилган. Ичкарида бўлганлар эса калтакланган.

Юзида жароҳати бор сержант эса ўша куни экипаж командири, сафдошларини ҳимоя қилишга уринганини сўзлаб берди. «Усти бошим қон… Орқа тарафдан бош ва елка қисмларимга жуда кўп зарба берди. Қўлимизда жанговар қурол бўлмаса ҳам, устимизда ҳарбий форма бор эди. У менга қандайдир куч берди», — деди у.

Аввалроқ, ўқотар қуролдан фойдаланиш тақиқлангани ҳақида Миллий гвардия хабар берганди. ИИВнинг хабар беришича, шовқин чиқариб портловчи воситалардан фойдаланган. Шу билан бирга, Нукусда мухбиримиз билан гаплашган ярадорларнинг айримлари ўқотар қуролдан жароҳат олгани ҳақида ҳам хабар беришди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.