ARGOS тизимида энг кўп танлов маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари учун ўтказилган
Вазирлик ва идоралар кесимида энг кўп танловлар маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларига — 3 231 та, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тизимида — 2 974 та, Ёшлар ишлари агентлиги тизимида — 2 484 та, Президент ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида — 2 311 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида — 1 152 та ишга жойлаштириш соҳасида танловлар ўтказилган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова маълум қилди.
“Порталдаги давлат органларининг вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади”, – дейилади хабарда.
Шу билан бирга, вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танловлар ҳар бир номзоднинг вакант лавозимга кўра малака талабларига мослигини ўрганиш, тест орқали унинг билим даражасини синаш ва ассесмент шаклидаги суҳбат жараёни босқичларидан иборатдир. Бунда, танловнинг ҳар бир босқичи натижаси тўғрисидаги маълумотлар номзодларнинг шахсий кабинетига юборилади.
Бундан ташқари, ҳудудлар кесимида энг кўп танловлар Самарқанд (2 854 та) ва Андижон (2 772 та) вилоятларида ўтказилган бўлиб, шунингдек, Фарғона вилоятида — 2 122 та, Сурхондарё вилоятида — 2 024 та, Қашқадарё вилоятида — 1 948 тани ташкил этмоқда.
Шарҳлар