Қарши Давлат университети ҳудудида 38 туп дарахт ноқонуний кесилган
Ижтимоий тармоқда Қарши давлат университетида кўплаб дарахтларнинг кесилганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Давлат экология қўмитаси матбуот хизматининг хабарига кўра, ҳолат давлат инспекторлари томонидан ўрганилган. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
Ўрганишлар давомида Қарши давлат университети томонидан Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш учун уч маротаба мурожаат қилинганлиги, ўз навбатида Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан мазкур мурожаатларга рад жавоби берилганлиги маълум бўлди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан рад жавоби берилганлигига қарамасдан жами 38 туп дарахт ноқонуний кесилганлиги аниқланди. Мазкур қонунбузарлик ҳолати бўйича ўсимлик дунёсига етказилган зарар 267 млн 543 минг сўм миқдорида ҳисобланди.
Ҳуқуқбузарликка оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.
Шарҳлар