Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими 4 йилга озодликдан маҳрум этилди

Источник: Facebook

Қаршининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов 2022 йилнинг октябрида қамоққа олинганди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш)га асосан 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2023 йил 10 мартдаги ҳукми билан Жамшид Фозилов Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Айни пайтда судланувчи томонидан ушбу ҳукм устидан берилган апелляция шикояти Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун расмийлаштирилмоқда.

Жамшид Фозилов 2016—2019 йилларда Қарши шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган.

У бир гуруҳ қўл остидаги мансабдор шахслар билан тил бириктириб, умумий қиймати 60 миллиард сўмдан ортиқ ер участкаларини ноқонуний ажратиб беришда айбланаётганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.