Қаршида ётоқхона таъмирланди
Конституция куни арафасида ижтимоий тармоқларда “Бу Сурия ёки Ироқ эмас, бу – Қарши” ёзуви билан фотосуратлар пайдо бўлганди. Ўшанда ётоқхона биноси сотилгани ва ҳозирда тадбиркорга тегишли экани маълум бўлди. Ҳозир ётоқхонада 150 киши истиқомат қилади. Улар қандай шароитларда яшаётгани кенг ёритилганидан кейин эртаси куни ётоқхона жойлашган “Чўлқувар” маҳалласига Қарши шаҳар ҳокими келди, деб ёзади “Новости Кашкадарьи” нашри.
«Фуқароларга қандай ёрдам бериш масаласи бир неча кун муҳокама қилинди. Уларни қишда кўчириш имкони йўқ эди. Маҳаллий бюджетдан бинони таъмирлаш учун пул ажратиш ҳам оқилона қарор эмасди, чунки объект – хусусий мулк. Кейин бинони ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан таъмирлашга қарор қилинди», – деб ёзади нашр.
«Кимдир бўёқ, оқлаш учун эмульсия олиб келди, бошқаси – деразалар учун ойна, учинчиси – электр симлари. шундай қилиб иш бошланиб кетди», – дейди “Шодлик” маҳалласининг раиси Асадулло Имомов.
Фуқаролар йиғини ҳам ана шу ётоқхонанинг биринчи қаватида жойлашган.
Фуқаролар байрамни янги шароитларда кутиб олиши учун таъмирлаш ишларини 20 декабрда якунлаш режалаштирилган. Ушбу жараёнга 100 га яқин мутахассис жалб қилинган: бўёқчилар, сантехниклар, альпинистлар. Фуқароларнинг ўзи ҳам ишчиларга ёрдам бермоқда. Бир неча кун ичида ҳудуддан тўртта юк машинасига тенг чиқинди олиб чиқилди.
Асадулло Имомовнинг сўзларига кўра, таъмирлаш ишлари ҳамма жойда олиб борилаётгани йўқ, асосий жамоат жойларида. Фойе ва коридорлар, зинапоя бўлмалари оқланган, чироқлар ўрнатилган, янги электр симлари ўтказилган. Деразаларнинг синган ойналари алмаштирилган. Коридорлардаги деразаларда замонавий шишапластик қўйилган. Фуқаролар яшайдиган хоналарга тўхталадиган бўлсак, уларни фуқароларнинг ўзлари таъмирлашига тўғри келади, дея қайд этади нашр.
«Ҳар бир қаватда ошхона пайдо бўлади, уларга бешта газ плитаси ўрнатилади. Илгари бу ерда на газ, на ошхона бор эди. Шунингдек санузел қуриш ҳам режалаштирилган. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида охирги йилларда номаълум сабабларга кўра ёпиб қўйилган бинога яна бир кириш жойи очилади», – дейди Қарши шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ғайрат Султонов.
Бинога туташ ҳудудга скамейкалар, чиқинди идишлар, чиқинди баклари ўрнатилди. Шунингдек бу ерда болалар майдончасини ҳам қуришмоқда, чунки ҳозир ётоқхонада 70 га яқин бола ҳам яшайди.
«Ҳозир яна бир масала, кейин нима бўлиши масаласи ҳам ҳал қилинмоқда. Янги бино қурилиб, пропискаси ётоқхонада бўлган ва ўз уй-жойига эга бўлмаган фуқаролар ўша ерга кўчишлари мумкин. Тадбиркор билан эса фуқароларнинг ҳаммаси ётоқхонани тарк этганидан кейин бино унга қайтарилиши ҳақида келишувга эришилди», – дея таъкидлайди Ғайрат Султонов.
Шарҳлар